• 28-04-2019

12 ёшли Муҳаммадқодир Ўзбекистон чемпиони бўлди

12 ёшли Муҳаммадқодир Ўзбекистон чемпиони бўлди

Сўнгги йилларда юртимизда кўплаб спорт турлари қатори шарқ якка курашларига ҳам эътибор янада кучайди. Жумладан, Жиу-Житсуга ҳам.

Жорий йилнинг 19-21 апрель кунлари Бухоро шаҳрида Жиу-Житсу бўйича 2004-2009 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ва 16 ёшдан юқори бўлган болалар ўртасида Ўзбекистон очиқ чемпионати баҳслари ўтказилди. Айтиш лозимки бу Жиу-Житсу бўйича илк бор ўтказилган мамлакат чемпионати бўлди.

Спортчилар ушбу мусобақаларда 3 хил – “Не- ваза”, “Но- ги” ҳамда “Файтинг систем” йўналишларида баҳс олиб боришди.

Ушбу баҳсларда 2007 йилда туғилган ва 30 кг вазн тоифасида иштирок этган қўқонлик истеъдодли спортчи Муҳаммадқодир Маҳмудхонов “Не- ваза” ва “Но- ги” йўналишларида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шохсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди ҳамда Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Таъкидлаш керакки, Муҳаммадқодир бунгача ҳам вилоят ва республика миқёсидаги нуфузли мусобақаларда юқори ўринларни қўлга киритиб келган.