• 23-04-2019

​3-7 ёшли бола хусусиятлари

​3-7 ёшли бола хусусиятлари

3-7 ёшли бола хусусиятлари

Ота-оналар бу даврда асосий ва ягона бўлмаган хатога йўл қўйишади. Улар бирданига ўз фарзандларини ҳамма нарсани биладиган, тушунадиган, бажара оладиган катта одамдек қабул қилишади.
Болалар эса ўзлари тўғрисида бундай ўйлашмайди. Улар гоҳо “ойи, мен ўзим бажараман, мени бугундан бошлаб ўпманг” ёки “вой, ойижон, мени кечиринг, мен гўдакман, ахир” тарзида бўлишни ёқтиришади. Шундай қилиб, бу ёшдаги фарзандлари бор ота-оналарга қуйидагиларни эслатиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади.

3–4 ЁШЛИ БОЛАЛАР
Психологияда айтилганидек, кичик мактабгача ёшдаги болалар юқори жадалликдаги жисмоний ва руҳий ривожланиш билан характерланади. 3 ёшдан 4 ёшгача бўлган болаларнинг катталар ва тенгдошлари билан муносабатларида, характерида ўзига хос хусусият ҳамда фаолият мазмунида ўзгаришлар кузатилади. Ақлий жиҳатдан ҳам жадал ривожланади: бола эталон шакллар, ранг, ҳажм, атрофдаги борлиқнинг мавжудлиги, шунингдек, ўзи тўғрисида ҳам ўйлай бошлайди. Кўргазмали-образли фикрлаш устунлик қилади. Бу ёш босқичида болалар сўзлардан фаол фойдаланган ҳолда, нутқнинг грамматик қурилишини эгаллашга тушади. Уларнинг сўз бойлиги сезиларли даражада ортиб боради ва ўз нутқларида мураккаб гаплардан фойдаланишни бошлайди.
Бу ёшда ҳаракатчанликка эҳтиёж ортиб, йирик моторика ривожланиши биринчи ўринга чиқади. Кичик мактабгача ёшдаги болалар асосий ҳаракатларни ўзлаштиришади. Тезлик, куч, координатсия, эгилувчанлик, чидамлилик каби жисмоний сифатлар шакллана бошлайди.
Болалар биринчи марта ўз “мен”ини тушуна бошлайди. Жамиятдаги ўз ўрнини, шунингдек, ўзининг у ёки бу жинсга мансублигини англаб боради. Ўз жинсига оид ўйин ва ўйинчоқларга қизиқиши юқори бўлади.
Кичкинтойларнинг бу даврида ота-оналарга қуйидагиларни тавсия қилиш мумкин:
• Болангиз билан бирга ўйнанг, югуринг, сакранг! Ёки унга бу ишларни қилишга халақит берманг. Чунки кўп ҳаракатланиш болаларга хос!
• Фарзандингизга ўзини парваришлашга ўргатинг – соч тараш, тиш ювиш, чўмилиш ва ҳ.к. Болангиз кўпроқ ўйнаши учун шароит яратиб беринг: ролли ёки жамоавий ўйинлар, конструкторлар – буларнинг барчаси бу ёшдаги бола учун жуда қизиқ.
• 3–4 ёшли болалар жуда қизиқувчан бўлишади. Шунинг учун уларни саволларга жавоб топиш мумкин бўлган боғ ва музейларга олиб боринг, китоблар ўқиб беринг.
• Турли ёшдаги, жинсдаги инсонлар билан ҳар хил ҳаётий вазиятларда тез-тез суҳбат қилинг.
• Фарзандингизнинг ёлғиз ўзи билан кўпроқ вақт ўтказинг. Бу унинг учун ҳам, сиз учун ҳам жуда муҳим!
• Болани партада ўтирган ҳолатда дарс ёки машғулот тарзида олиб бориладиган ўқиш, ривожлантирувчи босимли ўйинлар ва фаолиятнинг ҳар қандай кўринишлари билан шуғулланишга мажбур қилманг.

4–5 ЁШЛИ БОЛАЛАР
Бу боланинг фаол ўсиш ва организмининг ривожланиш даври саналади. Уларнинг ташқи кўриниши сезиларли ўзгариб, катталарга хос бўлган жиҳатлар шакллана бошлайди. Кичкинтойлар бошқа инсонлар билан муомалага киришишнинг турли хил усулларини эгаллайдилар, инсоний муносабатларни яхши тушуна бошлайдилар. Бошқалар билан мулоқот ва хулқ-атвор борасида, аёллар ва эркакларга хос бўлган сифатлар тўғрисида тушунчага эга бўлишади. Ўйин жараёнида болаларда билишга қизиқиш шаклланади, кузатувчанлик ривожланади, асосий ҳаракатлар мукаммаллашади.
Билиш мотиви етакчилик қилиб, бу улар томонидан берилаётган кўплаб саволлар, катталардан янгидан янги маълумотларни олишга бўлган интилишда намоён бўлади. Бу пайтни “Нима-нимачи ёш” деб аташ мумкин. Шу сабаб, бу даврда болага юқори фикрлаш фаоллиги ҳамда қизиқувчанлик хосдир. Бундай ёшда бола ўз она тилидаги деярли ҳамма товушларни талаффуз қила олади. Янги сўз ва ибораларни ўйлаб топиш жараёни давом этади. Улар унча катта бўлмаган эртакларни қайта сўзлаб, ўйинчоқ, сурат, ҳаётдаги баъзи воқеалар тўғрисида ҳикоя қила оладилар. Ота-оналарга тавсиялар:
• Бола билан ўйнаш, югуриш, сакрашни давом эттиринг. Бу аввалгидай бола ривожланишида жуда муҳим.
• Турли хил ўйинларга қизиқишини ривожлантиринг. Булар мантиқий ўйинлар, мураккаб конструкторлар, тўсиқларни енгиб ўтиш, турли босқичли ва мураккаб стол ўйинлари (масалан, “Монополия”) бўлиши мумкин.
• Болангизга этикет ва ўзини тутиш қоидаларини ўргатиш вақти келди. Турли ҳаётий вазиятларда нима қилиш мумкин-у, нима қилмаслик кераклигини болага бемалол тушунтирса бўлади.
• Бола интеллектини жадал ривожлантиринг. Мен ҳамиша “7 ёшдан” тавсия қилинадиган китобларни 4–5 ёшдан бемалол олишни маслаҳат бераман. Бу ёшдаги болалар таҳлил қилишга мойил бўлиб, китоб муҳокамасига осонлик билан кириша олади.
• Уйдаги мажбуриятларни бажариш, катталарга ёрдам бериш вақти ҳам келди. Меҳнат нималигини, ота-она ва оиланинг катта ёшли аъзолари нима билан шуғулланиши, нима учун “меҳнат” деб аталишини тушунтириб, унга нисбатан ҳурмат муносабатини уйғотинг.

5–6 ЁШЛИ БОЛАЛАР
Бу ёшда шахсиятнинг интеллектуал, маърифий-иродавий ва ҳиссий жиҳатларида жадал ривожланиш юз беради. 6 ёшли бола ўзини ва ўзгаларни билишга ҳаракат қилади, хатти-ҳаракат ва ўзаро муносабатлардаги алоқаларни англай бошлайди. Турли хил характердаги муносабатларни тушунади, шахсий хулқ-атвор йўналишини танлайди. Ўзи тўғрисидаги тасаввурларда ўзгариш юз беради. Шахсиятнинг ривожланиши янги хусусият ва эҳтиёжларнинг пайдо бўлиши билан тавсифланади. Амалий ва ақлий тажриба ўтказиш, умумлаштириш, сабаб-натижа алоқаларини ўрнатиш қобилиятлари шаклланади. Маконда мўлжал олиш қобилияти ўсади (бироқ фасллар ва ҳафта кунларида адашиш кузатилади). Нутқнинг грамматик қурилиши мукаммаллашади. Таъсирчан оҳанг воситаларидан эркин фойдаланади. Бола луғати умумлаштирувчи сўзлар, синонимлар, антонимлар ҳамда кўп маъноли сўзлар билан бойиб боради. Уларнинг қомати шаклланиб, чидамлилик ва жисмоний сифатлари ривожланади. Ёшига мос бўлган гигиеник жараёнларни амалга ошира олади, озодалик малакалари, соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги тасаввурга эга бўлади. Ота-оналарга тавсиялар:
• Биз ҳали ҳам югурамиз, сакраймиз ва фаолликнинг ҳар қандай шаклини илиқ кутиб оламиз. Ўз болалигингизни эсланг. Сиз қандай ўйинларни ўйнар эдингиз? Ҳаракатчан ўйинлар кўп бўлган-а, тўғрими? Шундай экан, уларни фарзандингизга ҳам ўргатинг.
• Болани одоб-ахлоқ қоидалари билан таништиришда давом этамиз. Аммо энди кўпроқ ҳам катталар, ҳам тенгдошлари билан кечадиган мулоқотга эътибор қаратамиз.
• Қизиқувчанлик, турли хил кўринишдаги ижодкорлик, ақлий вазифаларни еча олиш қобилиятларини янада ривожлантирамиз. Бунда болалар учун кашфиётчилик вазифаларини ечиш назарияси бўйича китобларни тавсия қиламан. Улар кичкинтойларга кўп нарса бера олади!

6–7 ЁШЛИ БОЛАЛАР
Мазкур давр энг мураккаб даврлардан бири саналади. Болакай биринчи марта ўзини онасидан ажрата бошлайди. Яъни “мен ўзим” ҳақиқий мотиватсияга айланади. Бола ўзини бутунлай мустақил шахс сифатида англайди. Бу тенгдошлари билан кечадиган эркин мулоқот давомида намоён бўлади. Эндиликда болалар ҳамкорликдаги фаолиятда шахсий қарашларини ҳимоя қилиб, ҳаётий вазиятларда ахлоқий танловни амалга ошира оладилар. Жинсидан келиб чиқиб, унга мос бўлган юриш-туриш қоидаларини онгли тарзда бажарадилар. Бундан ташқари, турли жинсдагиларга хос бўлган ҳар хил фаолият турларини эгаллайдилар. Етти ёшли болалар нутқи пассив лексика ҳисобига бойишда давом этади. Бола фикр ва таассуротларини баён этиш, предметларни тасвирлаш, қайта сўзлашда сўзлардан аниқ фойдаланади. Нутқ мулоқотнинг ҳақиқий воситасига айланади. Бу ёшда болаларда ҳаракатланиш малакаларида аҳамиятли тарзда тез шаклланиш юз беради: юриш ва югуриш мукаммаллашади, бир ва икки оёқлаб сакрашни ўрганиб олишади, турган жойидан узоқликка ва баландликка сакрай олишади. Болаларда ўзи ҳамда шахсий жисмоний имкониятлари тўғрисида тасаввурлари кенгаяди.
Ота-оналарга бу борадаги тавсиялар:
• Мактаб таълимига, янги ижтимоий мавқе, яъни ўқувчи бўлишга тайёргарликни шакллантириш. Буни узоқ вақт партада ўтирмасдан, аста-секинлик билан ўргатиш муҳим.
• Китобларни “9 ёшдан” тавсия қилинадиганларига алмаштиринг. Ишонинг, замонавий болалар бунга тайёр!
• Болага кунлик режасини тузишни буюринг. Сўнгра ҳафталик режани. Янада қийинроқ вазифа – шундай режани нафақат ўзи учун, балки бутун оила учун (масалан, дам олиш кунларига) тузишни айтинг.
Ота-оналарга бу давр қийин бўлиши билан бирга, ўта қизиқарли ҳамдир. Бола тўлақонли ҳамсуҳбатга айланади ва у билан мулоқот қилиш роҳат бахш этади.