• 22-04-2019

Бола билан қандай муомила қилиш керак?

Бола билан қандай муомила қилиш керак?

Баъзида ўз фарзандимизни тушунмай қоламиз, баъзида фарзандимиз бизни тушунмай, гапимизни қабул қилмай инжиқлик, қайсарлик қилади. Бунинг сабаби нима экан? Қандай қилиб кичик ёшдаги бола билан ота-она тил топишиши мумкин?

Ушбу саволларимизга , Корея таълим ташкилоти президенти, Кёнгсонг универститети Профессори Ли Ён Сунг жавоб берадилар.

Ота-она фарзанди билан муомила қилаётганда баъзи тамойилларга амал қилишлари лозим.

  • Боланинг боғча ёки мактабида бирон муаммо юз берса, ота-она тезда таълим муассасига бориб ўқитувчи билан муаммони ҳал қилишга уринади. Аслида мактаб (боғча) даги муаммосини айтаётган бола ота-онаси билан бу ҳақда суҳбатлашишни истайди. Бунда ота-она уни эҳиста олиши керак. Болада мактаб (боғча)да ўқитувчи билан, дўстлари билан бирон муаммо юз бераётган бўлса, бунда унинг ўзи ҳам атрофдагилари ҳам айбдор бўлмай, кўпинча ота-онанинг унга бўлган нотўғри муносабати айбдор бўлади.
  • Бола сизга ўз муаммосини айтган пайти, уни ҳал қилиш йўлларини изламай, болани яхшилаб тинглаб биргаликда бу муаммодан чиқиш йўлини излаш керак. Баъзида ота-онанинг болага кераклигича эътибори ва меҳри муаммони ўз-ўзидан бартараф эта олади.
  • Бола гапираётганда гапига баҳо берманг, уни диққат билан эшитиб, айтган сўзларини қайтаринг. Масалан, "Ҳеч нарса қилмайди, атиги ўйинчоққу" демасдан, "Мен тушунаман, сенинг ўйинчоғинг сингани учун жуда хафа бўлдинг", дейиш ўринли бўлади. Шунда бола сиз ҳақиқатан уни тўғри тушунганингизни ва сизга ишонса бўлишини англайди.
  • Суҳбат давомида шундай саволлар беринг-ки, бола ўзи муаммосини ҳал қилиш йўлини топа олсин.
  • Агар фарзандингизнинг иши сизни ранжитган бўлса (масалан мактабдан доимий вақтидан кечроқ уйга келди), дарров асабийлашиб уни уришмасдан, унга ўзингизнинг ҳиссиётларингизни бақирмасдан, асабийлашмасдан тушунтириб беринг. "Бугун кечроқ келганингга жуда хавотир олдим, хаёлимга ёмон нарсалар келди, сен билан бирон ёмон иш бўлдимикин деб жуда қўрқдим" каби гапларингиз уни ўзининг қилиғидан ранжитади. Кейинги сафар онасининг шу гапларини эслаб қўнғироқ қилиб қўйишга ҳаракат қилади. Бақириб урушганингиз эса ундай пайт асло эсга тушмайди.
  • Болани мақтаётганингиз асосли бўлсин. Ҳар бир арзимаган ишига ҳам "Яхши қилдинг, жуда ақллисан, зўрсан" демасдан, нега мақтаётганингизни аниқ қилиб унга изоҳлаб беринг. Масалан, "Уканг йиқилганида кўтариб қўйганинг яхши иш бўлибди. Мен сендан фахрланаман."
  • Бола билан муомила қилаётганингизда, айниқса жиддий гаплашаётганингизда унинг кўзларига қаранг. Ўзингиз эса тиззангизда унинг бўйигача тушиб олинг. Юқоридан туриб болага бирон гап айтиш унда қўрқув ва итоатсизлик ҳиссини уйғотади.
  • Болани ҳақоратламанг. Қандай айб иш қилишидан, мактабда қанчалик ёмон ўқишидан қатъий назар уни ҳақоратламанг. Ҳақорат сўзлари болани ўз ҳақидаги фикрига салбий таъсир кўрсатади. Боланинг ўзига ўзи паст баҳо бериши унга ижтимоий жамиятда ўз ўрнини топа олишида тўсқинлик қилади.
  • Болага буйруқ бераётганингизда "Хонангни йиғиштириб қўй" ёки "Ўйинчоқларингни йиғмасанг ҳаммасини ташлаб юбораман" демасдан, уни олдига бориб кўзларига қараб нега шундай қилиши кераклигини, шундай қилса қандай яхши натижа чиқишини тушунтириб беринг.
  • Бола билан гаплашаётганингизда мавзуни тўсатдан ўзгартирманг. Сизнинг севимли сериал ёки телефондаги дугонангиз кутиб тура олади, лекин боланинг сизга бўлган ишончи сўниб қолса, буни умр давомида тузата олмаслигингиз мумкин.