• 27-04-2019

Болаларда камқонлик

Болаларда камқонлик

Ҳозирги кунга келиб экологик муҳитнинг ёмонлашуви, кундалик истеъмол қилинаётган маҳсулотларда керакли дармондориларнинг етишмаслиги натижасида бир қанча касалликлар юзага келмоқда.

Бугун ана шундай касалликлардан бири бўлган камқонлик яъни, анемия ҳақида тўхталмоқчимиз. Қон таркибидаги гемоглобин миқдорининг пасайиб кетиши камқонлик касаллигига сабаббўлади. Мияга кислород етказиб бериш эса айнан қондаги гемоглобиннинг асосий вазифасидир. Бу касаллик билан оғриган беморларда турли инфексион хасталикларга чалиниш хавфи юқорибўлиб, уни тезда бартараф этиш қобилияти паст бўлади. Қон таркибида организмнинг ҳаётий ўсиб ривожланиши учун муҳим бўлган озиқ моддалар мавжуд.

Камқонлик (анемия)га чалинмаслик учун қондаги гемоглобин миқдорининг меъёрда бўлишига аҳамият беринг ҳамда кундалик таомномангизни темир моддасига бой бўлган маҳсулотлар билан бойитинг.

Ушбу касаллик болаларнинг жисмоний ва руҳий ривожланишига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бемор болалар ўз тенгдошларидан ақлий қобилияти паст­лиги сабабли ортда қола бошлайди. Камқонлик боланинг дарс жараёнида вазифаларни яхши ўзлаштира олмаслиги, уйқучанлик, хотиранинг пасайиши, тез касалликка чалиниши, бош оғриғи ва бошқа шу каби кўринишларни юзага келтириши мумкин.

Болаларда камқонлик касаллигини тезда аниқлаш ва уни вақтида даволаш зарур. Уларнинг ўз вақтида овқатланиши, витаминларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиши келажакда соғлом бўлиб вояга етишини таъминлайди.

Шунингдек, камқонлик касаллиги аёлларда ҳомиланинг нормал етилишига ва соғлом ривожланишига таъсир этиб, туғиш пайтида кузатиладиган асоратларнинг кўпайишига олиб келади. Бундан ташқари, темир танқислиги, яъни камқонлик аниқланган она туғилажак фарзандига етарли миқдорда темир заҳирасини бера олмайди. Оқибатда чақалоқ руҳий ва жисмоний ривожланишдан ортда қолади.

Камқонлик белгилари

Камқонликнинг белгилари қуйидагилар:

Терининг қуруқлашиши, оғиз бурчагининг ва товоннинг ёрилиши, сочнинг тез синиши ва тўкилиши, тишларнинг мўрт бўлиб емирилиши, тирноқларнинг юп­қалашиши, кўчиши ва синиши, тирноқ шаклининг ўзгариши, ҳид сезишда (қуруқ ердан сув сепилганда чиқадигин ҳид, шунингдек, керосин, бензин, тамаки, машина моторидан чиқадиган ҳидларни ёқтириш) ва таъм билишда (кесак, гилвата, чой шамаси, хом гўшт, макарон, гуруч ейишга мойиллик) каби ўзгаришлар кузатилади.

Темир моддаси табиий ҳолда озиқ-овқатлар таркибида етарлича мавжуд. Фақат темир моддасини кўп тутадиган ва инсонга зарур бўладиган озиқ-овқатлардан етарли миқдорда ёшликдан бошлаб, узлуксиз истеъмол қилинса бўлгани.

Чақалоқларда учрайдиган камқонликни даволаш қандай амалга оширилади?

Бугунги кунда ёш болалар ва чақалоқларда учраётган камқонлик касаллигининг келиб чиқишига бир қанча омиллар сабаб бўлмоқда. Аввало ҳомиладорликни режалаштириш даврида бўлажак онани соғломлаштиришга аҳамият бериш лозим. Она организмидаги ҳар бир ўзгариш болага ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шу сабабли ҳомиладор аёл ўз саломатлиги ҳақида жиддий қайғуриши лозим. Бўлажак онанинг кондаги гемоглобин миқдори камида 120 г/л ни ташкил этиши лозим.

Чақалоқлардаги камқонлик сабаблари

Чақалоқлардаги камқонликнинг келиб чиқишига қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:

  • Болани нотўғри овқатлантириш;
  • бола меъда-ичак касаллиги билан оғриганда;
  • сунъий овқатлантириш давомида;
  • чала туғилган чақалоқларда;
  • ўткир инфексион касалликларга чалинганида ва ҳакозо;
  • бола организми темир моддасини яхши ўзлаштира олмаслиги натижасида темир танқислиги юзага келиши мумкин.

Чала туғилган чақалоқларга меъёрда ўсиб ривожланиши учун 2 ой давомида қўшимча равишда Е витамини бериб борилади. Чақалоқларга дастлабки 2 ой давомида темир препаратлари бериш тавсия этилмайди. Сабаби чақалоқ организми ҳали жудаям нимжон, янги ҳаётга ҳали тўлиқ мослаша олмаган бўлади. Бу даврда ўзига керакли бўлган озуқани фақат она сутидан олади. Жуда зарур ҳолатларда шифокор маслаҳати билан темир препарати кичик миқдорда берилиши мумкин. Камқонлик билан туғилган чақалоқларга 2 ой бўлганидан сўнг унга темир препарати бериш мумкин.

Бу касаллик чақалоқнинг ота-онасидан ирсий гемолитик кам­қонлик сифатида ҳам ўтиши мумкин. Чақалоқларнинг геморрагик касаллиги эса – витамин К ва қон ивишини таъминловчи омилларнинг етишмовчилиги натижасида келиб чиқади.

Геморрагик касалликларда чақалоқ туғилгандан сўнг витамин К препарати шифокор текшируви остида амалга оширилади.

Ҳомиладорлик даврида бўлажак она ўзининг гемоглобин миқдорини меъёрий ҳолатга келтириб олса, туғилажак болада камқонлик касаллиги билан чалинишининг олди олинади. Бунинг учун таомномада гемоглобин миқдорини оширувчи маҳсулотлар бўлиши мақсадга мувофиқдир.