• 15-04-2019

​Болани мустақил ухлашга ўргатиш

​Болани мустақил ухлашга ўргатиш

Болани мустақил ухлашга ўргатиш

Болани ухлаш вақти келди, лекин унга бирдан ҳамма нарса керак бўлиб, бир "сув олиб келинг", бир "кўрпани тўғирланг" деб сизни овора қилишни бошлайди. "Севимли айиқчани олиб келинг" деб, кейин эса "уни ётқизиб беринг" деб сўрайди. Сизнинг эса шу пайт жаҳлингиз чиқа бошлайди, "яна нима керак экан?" деб. Асабийлашманг...

Нега болажонлар ухлашни хуш кўрмайдилар?

Катталардан фарқли ўлароқ болалар ухлашга ётишни хуш кўрмайдилар. Бола ухлаётганда суюкли онажонидан ажралиб қолишидан қўрқади. Ундан ташқари ухлашга ётса, севимли ўйинларини ўйнай олмаслиги ҳам уни ухлашдан бош тортишга ундайди.

Нима қилиш керак?

Болани ухлатиш ота-она учун асабийлашиш жараёни бўлмаслиги учун, "ухлатиш маросимини" ишлаб чиқинг.

Масалан, айрим болалар ухлашдан олдин бир эртак айтиб беришингизни сўрайди, айримларини айнан 3 марта ўпиб қўйиш керак, бир хил болажонлар онаси кўрпани тўғирлаб қўйиб ухлатишини хоҳлайдилар. Бу боланинг инжиқлиги эмас. Бу боланинг атроф муҳитга бўлган ўзгача қараши. Шунинг учун бола нима хоҳлашини билмай сиздан ҳар нарсани уйқудан олдин талаб этавермаслиги учун, унга уйқуга кетиш маросимини уюштириб беринг. Мисол учун, болани ётқизиб, уни ўпиб, кўрпасини ёпиб, "яхши ётиб тур болажоним" деб айтинг. Бир-икки кун яна у-бу нарса сўраши мумкин, лекин уни бермай "бўлди энди ухлаш керак", десангиз, кейинги сафар шу кўрпани ёпишингизни ўзи унга ухлаш пайти келганлигини кўрсатади ва бола тинчланади.

Ухлатиш қоидалари

  • Болани шошаётганингизда ухлатишга урунманг, айниқса тез-тез деб ундаб турсангиз, бола асабийлашиб умуман ухламайди. Болани ухлатишга алоҳида вақт ажратиб, мулойимлик билан, тинч асаблар билан амалга ошириш лозим. Шунда бола ҳам тинч ухлайди.
  • "Ухлатиш маросимини" қўлланг.
  • Болани уйқуга кетишидан олдин одобга чақирманг, уришманг. Бола хотиржам кўнгил билан уйқуга кетиши лозим.
  • Севимли эртак ёки чиройли мусиқа болани ухлатишга яхши замин яратади.
  • Бола уйқуга кетиши ота-онасидан вақтинча ажралишини кўзда тутади. Шунинг учун ётқизаётганингизда уни албатта ўпиб, қучоқлаб, уни қанчалик севишингизни айтишни унутманг.
  • Болани ҳар кун, бир хил маросим билан ухлатинг. "Мана юзимизни ювдик, энди сен ётасан, мен эса ишларимни қиламан" каби майин, лекин талабчан сўзларни бола яхши тушуна олади.
  • Агар бола қоронғилидан қўрқиб, кечки чироқни ёқиқ қолдиришингизни сўраса, асло бунга қарши бўлманг. Айрим болаларда ёшлигида қўрқув ҳисси кучли бўлади. Уни кучайтирманг.

Шуни унутмангки, ҳар бола ўзгача бўлади. Айрим болалар гўдаклигидан ёки 1 ёшлигиданоқ бемалол мустақил ухлай олса, айримлари ҳатто 5 ёшида ҳам сизнинг ухлатишингизга зор бўлади. Уйқу эса бола учун жуда фойдали жараён. Агар бола уйқуга кетишида ёки уйқуда асабийлашаётган бўлса, демак унга талабчан бўлиш эмас, балки меҳрибонроқ бўлиб, уйқусига кўпроқ вақт ажратишингиз талаб этилади. Болани уришмасдан, олдида 30 дақиқа кўпроқ ўтирсангиз, у ҳам тинчланади, сиз ҳам асабийлашмайсиз.