• 28-04-2019

Болани тарбия қилиш турлари

Болани тарбия қилиш турлари

Болага тарбия бериш принсип ва усулларига қараб оналарни бир нечта турга бўлиш мумкин.

Уйим-жойим дейдиган она

Бундай оналар одатда ишламасдан бутун куч ва меҳрини боласига беради. Ҳаётини ҳам боласига бағишлайди. Бола учун албатта бунинг ижобий томонлари кўп: уйда доим иссиқ мазали таомлар, тоза ва сарамжон кийимлар муҳайё, уй иши қилишда она доим ёрдамини аямайди. Лекин бундай оналарнинг тарбиясида камчиликлар ҳам мавжуд: бола вояга етганда онасини етарлича ҳурмат қила олмайди. Онасининг фикри ва дунёқарашини бола ҳурмат қилмайди. Бола учун бундай она фақат уй ишларига қодир бўлиб қолади.

Ўта ғамхўр она

Бундай оналар боласига ҳаддан ташқари кўп меҳр ва ғамхўрлик кўрсатади. Бола кичиклигида меҳр-муҳаббатга тўйиб ўсиши яхши-ю, лекин ўз вақтида бундай оналар боласини ўз қарамоғидан қўйиб юборишни истамайдилар. Бола катта бўлса ҳам, унинг ҳар ишига аралашиб, унга доим ўз нуқтаи-назарини сингдириб, унинг мустақиллигини чеклаб қўядилар. Бунинг натижасида эса бола ўта пассив ва масъулиятсиз бўлиб ўсади. Чунки унинг ўрнига қайғурувчи она доим ёнида бўлади.

Контролёр

Бундай оналарни диктатор десак ҳам бўлади. Бундай оналар учун боланинг фикри, қараши ва хоҳиши ҳеч нарса. Бола фақат она айтганини қилиши шарт. Бундай онадан бола жуда бўш ва қобилиятсиз ўсади.

Танқидчи

Бола нима қилишидан қатъий назар бу турдаги оналар боласини доим танқид қилади. Бола ҳеч қайси иши учун мақташга сазовор бўлмайди. Бундай оналар доим боласидан ранжиб юргандек бўладилар. Одатда шу тарбия олган бола критикадан қўрқавериб, ҳамма нарсани аъло даражасида бажаришга ҳаракат қилиб жудаям катта ютуқларга эришиши мумкин, лекин бундай болаларнинг феъли жуда оғир бўлади. Улар жаҳлдор ва бераҳм бўлиб катта бўладилар.

Енгилтак

Бундай она фарзанди учун фақатгина физиологик она ҳисобланади. Аслида бола тарбияси билан бувилар, қўшнилар, боғча ва бошқалар шуғулланади. Онада боланинг тарбияси ва муаммолари билан шуғулланишга ҳеч қачон вақти ва хоҳиши бўлмайди. Бундай оналар фарзанди жуда мустақил бўлиб, онасини назарига тушиш учун ҳаётда кўп ютуқларга эришадилар. Лекин бундай болалар она меҳрига тўймаганлиги сабабли ўз шахсий ҳаётини қуришда қийналадилар.

Ҳақиқий дўст

Бундай оналар чақалоққа ҳам шахс сифатида қараб, унинг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда иш тутадилар. Ундан ташқари ўз фарзанди ютуқларига, қилган арзимаган ишларига ҳам хурсанд бўла оладилар ва фарзадини ҳурмат қилишни биладилар. Бундай тарбия олган бола ҳаётда ҳар томонлама жудаям бахтиёр бўла олади.