• 13-03-2019

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жисмоний ва юридик шахслар жавобгарлиги

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жисмоний ва юридик шахслар жавобгарлиги

Контрабандага божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузишларга ва Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий бож тўловларини тўлашдан бош тортишга қарши кураш функсияси Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг асосий функсияларидан бири эканлиги қонун билан мустаҳкамланган. Юқорида айтиб ўтилган функсия билан қонун ҳужжатлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари сирасига киритилган божхона органларининг мавқеини ҳам белгилаб берилиши ўз функсионал вазифаларини ҳал этишда божхона органларининг ҳуқуқини кенгайтиради. Божхона органлари божхона билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга қарши кураш вазифасини ҳал этиб, божхона ҳақидаги қонун ҳуужжатлари бузилишига барҳам бериш мақсадида ҳуқуқий мажбурлаш, санксия усулларини қўллайдилар.

Божхона билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг ИХ ва Х бўлимлари қоидалари билан қонуний тартибга солинади. Ушбу қоидалар асосида божхона ҳақидаги қонунлар бузилганлиги учун таъсир кўрсатиш чораларига тегишли масалалар бўйича норматив база шаклланади.

Божхона кодексида божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилиши тушунчасига кенг изоҳ берилган. Божхона кодексида ва Ўзбекистон Республикасининг божхона қонун ҳужжатларида белгиланган божхона қоидаларига риоя этмаслик божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши деб ҳисобланади.

Айтиб ўтилган моддага биноан божхона қонунларининг бузилиши Божхона кодекси, «Бож тарифи тўғисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, Ўзбекистон Республикасининг божхона иши тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан белгиланган Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона назорати ва божхона расмийлаштируви (шу жумладан божхона режимлари) тартибига, божхона тўловларини тўлашга, божхона имтиёзлари бериш ва улардан фойдаланишга тажовуз қилувчи шахсларнинг ҳуқуққа зид тусдаги хатти-ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлигидир. Бунинг учун (яъни, уларнинг ҳуқуққа зид ҳатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги учун) Божхона кодексида жавобгарлик назарда тутилган.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларининг бузилганлиги учун жавобгарлик субъектларини аниқлашда шуни назарда тутиш керакки, қуйидаги Ўзбекистон Республикаси шахслари ҳам, хорижий шахслар ҳам маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин:

фуқаролар (улар ҳуқуқбузарлик содир этилган пайтда ўн олти ёшга тўлганда);

мансабдор шахслар (агар улар ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда уларнинг хизмат вазифаларига Божхона кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг божхона иши бўйича қонун ҳужжатлари талаблари бажарилишини таъминлаш кирса);

юридик шахслар (мулкчилик шаклларидан қатъий назар корхоналар, ташкилотлар, муассасалар);

юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар.

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 15-бўлими 134-172-моддаларида божхона ҳақидаги қонунлар бузилиши турлари ва улар бузилганлиги учун жавобгарлик белгиланган.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузган фуқаролар ва мансабдор шахслар маъмурий жавобгар бўладилар, уларнинг қилмишларида жиноят аломатлари бўлган тақдирда эса, жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Ҳуқуқни бузувчи (жисмоний шахс) билан божхона органи (юридик шахс) ўртасида ўзаро муносабатлар пайдо бўлганда, ҳуқуқ бузиш мавзуси эса фуқарога тегишли товар божхона қоидаларининг бузилиши фуқаро томонидан содир этилган деб тавсифланади.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларининг бузилганлиги учун шахслардан божхона органи томонидан фаолиятнинг муайян турини амалга ошириш учун берилган литсензия ёки малака аттестати чақириб олиниши мумкин.

Мансабдор шахслар, агар улар томонидан ҳуқуқни бузиш содир этилиши пайтида Божхона кодекси, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар бажарилишини таъминлаш уларнинг хизмат мажбуриятларига кирса, божхона қоидалари бузилганлиги учун жавоб беради.

Юридик шахслар ва юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан Божхона кодексининг 134-172-моддаларида назарда тутилган божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларининг бузилганлиги учун жарималар, бож­хона органи томонидан фаолиятнинг муайян турини амалга ошириш учун берилган литсензия ёки малака аттестатини чақириб олиш, божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши қуроли ёки бевосита ашёси ҳисобланган товарлар ва транспорт воситалари мусодара қилиниши қўлланилади.

Корхоналар ва ташкилотлар ходимлари томонидан улар ўз хизмат вазифаларини бажариши чоғида содир этилган божхонага оид қонун ҳужжатларининг бузилиши, яъни корхона ёки фуқаро (юкни олувчи, жўнатувчи, ташувчи, сақловчи)нинг иши билан боғлиқ ҳамда уларнинг манфаатлари йўлида ва товарлари билан содир этилган ҳатти-ҳаракат корхона ва ташкилот (юридик шахс) томонидан содир этилган божхона қоидаларининг бузилиши сифатида тавсифланади. Ушбу ҳолда юридик шахслар сифатида божхона органи билан корхона, ташкилот ўртасида ўзаро муносабат пайдо бўлади. Корхона, ташкилот ёки фуқарога қарашли бўлган товар қонунни бузиш ашёси ҳисобланади.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслардан товарлар ва транспорт воситаларини мусодара қилиш имконияти бўлмаган тақдирда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда уларнинг қиймати ундирилади.

Юридик шахсларни жавобгарликка тортиш уларнинг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларини улар божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун жавобгарликдан озод этмайди.

Юридик шахснинг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларини контрабанда учун ҳамда божхона иши соҳасида бошқа жиноятларни содир этганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш юридик шахсни божхонага оид қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликдан озод этмайди.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун бериладиган жазо турлари. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қуйидаги жазолар берилади (БК нинг 132-моддасига мувофиқ):

1. Жарима. Жарима маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор шахсдан давлат ҳисобига пул ундиришдир. Жариманинг миқдори маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтдаги, давом этаётган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун эса ҳуқуқбузарлик аниқланган вақтдаги белгилаб қўйилган энг кам ойлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Товарлар ва транспорт воситаларининг қийматидан келиб чиқиб ҳисобланадиган жарима кўринишидаги жазони белгилашда ана шу нарсалар қиймати деганда ҳуқуқбузарлик аниқланган кунда уларнинг эркин (бозор) нархи тушунилади.

2. Божхона кодексида назарда тутилган айрим фаолият турларини амалга ошириш учун божхона органи томонидан берилган литсензияни ёки малака аттестатини чақириб олиш. Литсензия ёки малака аттестатини чақириб олиш божхона омборлари, божсиз савдо дўконлари, эркин омборлар, вақтинча сақлаш омборларига, шунингдек божхона брокери, божхона ташувчисига ёки божхона расмийлаштируви мутахассисига улар томонидан божхона қоидалари бузилганлиги учун, агар ушбу ҳуқуқбузарликлар кўрсатиб ўтилган шахслар томонидан литсензия ёки малака аттестати билан назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш муносабати билан содир этилган бўлса қўлланилиши мумкин.

3. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилишини содир этиш қуроли ёки бевосита ашёси ҳисобланган товарлар ва транспорт воситаларини мусодара қилиш. Мусодара қилиш - божхона қоидалари бузилиши объекти ҳисобланган товарлар ва транспорт воситаларининг давлат мулкига мажбурий текинга олиб қўйилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Божхона кодексининг 132-моддаси 2 ва 3-бандларида назарда тутилган жазолар эса, ҳам асосий, ҳам қўшимча жазо сифатида қўлланилиши мумкин.

Юридик шахс ёки юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс томонидан божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари бир неча марта бузилса, ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида жазо берилади.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жазо берилиши жавобгарликка тортилаётган шахсларни бож тўловларини тўлашда Божхона кодексида назарда тутилган бошқа талабларни бажариш мажбуриятидан озод этмайди.

Божхона органи томонидан муайян фаолият турларини амалга ошириш учун берилган литсензия ёки малака аттестатини қайтариб олиш ҳамда жарима кўринишида жазо белгилаш божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолати аниқланган кундан бошлаб олти ойдан кечиктирмай, лекин у содир этилган кундан бошлаб уч йилдан кечиктирмай бюджетга божхона тўловларини тўламаслик билан боғлиқ ишлар бўйича - беш йилдан кечиктирмай қўлланиши мумкин.

Товарлар ва транспорт воситаларини мусодара қилиш кўринишидаги жазо божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузиш содир этилган ёки аниқланган вақтдан ҳамда у асосий ёки қўшимча жазо эканлигидан қатъий назар қўлланилади.

Товарлар ва транспорт воситаларини ғайриқонуний олиб ўтиш куни деб уларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ҳақиқатда олиб ўтилган кун ҳисобланади.