• 23-04-2019

Ер участкалари қайси ҳолларда олиб қўйилиши мумкин?

Ер участкалари қайси ҳолларда олиб қўйилиши мумкин?

Ер участкаларини олиб қўйиш билан боғлиқ масалалар Ер кодекси, Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ҳамда юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда бошқа қонун-ҳужжатлари билан тартибга солинган.

Ер кодексининг 37-моддасида ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча:

  • туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига;
  • Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан олиб қўйилиши белгиланган.

Ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор:

  • бош режаларга;
  • шаҳарлар, турар жой туманларини ва аҳоли пунктлари микротуманларини батафсил режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига мувофиқ қабул қилинади.

Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарарнинг ўрни (шу жумладан бой берилган фойда) қуйидаги ерлар олиб қўйилган ҳолларда тўла ҳажмда қопланиши белгиланган.

Агарда ер участкаси эгаси, ер участкасини олиб қуйиш тўғрисидаги қарордан норози бўлган тақдирда юқори турувчи органга ёки тўғридан тўғри суд органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, Ер кодексининг 91-моддасига асосан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.

Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.