• 16-03-2019

Хитойда энг бардошли тола ихтиро қилинди

Хитойда энг бардошли тола ихтиро қилинди

Пекиннинг Синхуа университети тадқиқотчилари жуда кучли бўлган толани ихтиро қилишди. Олимларнинг айтишича, бу толадан “коинот лифти”ни бунёд этиш учун ҳам фойдаланиш мумкин.


Тадқиқотчилар хулосасига кўра, кашф қилинган толанинг бир сантиметр квадрат ҳажмдагиси 1,6 грамм оғирликка эга бўлиб, қуввати 160 фил оғирлиги ёки 800 тонна юкни кўтаришга етади. Хитой аллақачон бу ихтиро учун патент олишга ҳам улгурди.

Синхуа университети тадқиқотчиси Ван Чансиннинг таъкидлашича, ихтиро қилинган тола жуда кўп вазифаларни бажара олади. Масалан, ундан спорт жиҳозларини ясашда, баллистик зирҳларда, коинотда ҳам фойдаланиш мумкин.

"Женмин жибао" берган хабарга кўра, тадқиқотчилар коинотга юбориладиган лифт лойиҳаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Мазкур лойиҳани амалга оширишнинг турли йўллари мавжуд. Улардан бири – коинотга радиф йўллашдир. Бунда аппарат ва Ер ўртасида ип тортилади ва лифт шу ипга уланади. Тадқиқотчилар бу жараённи амалга оширишнинг имкони борлигини айтмоқда.

Шу пайтгача “коинот лифти” лойиҳаси ҳақидаги ғоя мавжуд эди холос. Ягона муаммо эса бу лифтни ушлаб турадиган бардошли материал йўқлигида эди.