• 14-04-2019

​Икки тил - икки маданият

​Икки тил - икки маданият

Икки тил - икки маданият

Болада икки тиллик муаммоси айниқса аралаш оилада, яъни ота-онаси турли тил эгалари бўлган оилаларда кўп учрайди. Чунки бундай оиладаги ота ҳам, она ҳам ўз она тилини фарзандига ўргатишни ва кейинги авлодга ўтишини хоҳлайди.

Лекин ҳозирги кунда ота-онаси бир тил эгалари бўлган оилалар ҳам фарзандида икки тилни ривожлантиришни хоҳлайдилар ва у билан икки тилда мулоқот қиладилар. Ота-онанинг бири фарзанди билан она тилида гапирса, иккинчиси чет тилида мулоқот қилади. Бундай болалар ота-онасига ҳар хил тилда мурожаат қиладилар. Бу яхшими ёмонми ота-онанинг бунга бўлган муносабатига ва эътиборига боғлиқ. Агар болада икки тилни ривожлантирмоқчи бўлсангиз, бунга алоҳида ёндашув кераклигини унутманг.

Ота-она икки миллатга оид бўлган оилаларда бола нафақат икки тилни, балки икки маданиятни ҳам ўзлаштирмоғи лозим бўлади.
Бола учун отаси ёки онаси ўша маданиятга олиб кирувчи эшик бўлади. Шунинг учун болада маданиятга бўлган муносабатини яратишда ота-онанинг роли ниҳоятда катта.
Агар бола уйдаги маданият кўчадаги маданият билан фарқли эканлигини англамаса (ўзбек оиласи чет элда яшайдиган ҳолат), у бора-бора боғча, мактабга чиқиб, чет эл маданиятининг эгаси бўлиб кетиши осон. Унда ўзбек маданияти фақат уйда керак экан деган хаёл ўрнашиб қолади. Шунинг учун болани бошқа ўзбек хонадонига, ўзбек болалари мавжуд бўлган жойларга кўпроқ олиб боринг. Ўзбеклар уюштирадиган байрамларда қатнашинг, бола ота-онасидан ташқари бошқа ўзбекларни ҳам кўрмоғи, улар билан муносабат ва мулоқотда бўлмоғи лозим.