• 12-03-2019

Қон босими Хақида

Қон босими Хақида

Қон босими ошиши ҳақида батафсил маълумот

Сир эмас, ҳозирги кунга келиб дунёда ҳар бешинчи одам хафақон, яъни қон босими кўтарилиш дардидан азият чекиб келмоқда. Қуйида шу муаммо хусусида қисқача маълумотлар келтирмоқдамиз.

Қандай қон босими меъёрий даражада ҳисобланади?

Катта ёшдаги соғлом одамнинг артериал қон босими ўртача 100-120/70-80 мм. симоб устунига тенг бўлиши меъёрий ҳолатдир . Агар босим 130-140/80-90 гача кўтарилса ҳам у «меъёрий даражада» кўтарилган ҳисобланади.

Артериал қон босимининг кўтарилиши киши индивидиуал (шахсий) хусусиятларига, турмуш тарзига ва касбига боғлиқ. Ёш ўтган сари у баландлашиб боради. Жисмоний ва руҳий зўриқиш таъсирида ҳам қон босими ошади.

Аммо мунтазам равишда оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи кишилар ва спортчиларда артериал босим 100-90/60-50гача тушиши ҳам мумкин.

Гипертония, яъни хафақон дарди ташхиси қачон қўйилади?

Артериал гипертония тасхҳиси, шифокор қабулида беморнинг босими икки ёки ундан ортиқ маротаба 140/90 дан ортиқ кўтарилганда қўйилади.

Гипертония турлича бўлиши ростми?

Артериал гипертониянинг бирламчи, яъни юрак қон-томир тизимига боғлиқ тури кўп учрайди. Артериал гипертония билан оғриган беморларнинг 3/4 қисмида касалликнинг айнан шу шакли кузатилади. Иккиламчи гипертония эса буйрак касалликларида, эндокрин тизимнинг бузилишларида ва бошқа хасталикларнинг аломати сифатида юзага чиқади.

Гипертониянинг келиб чиқиш сабаблари нимада?

Гипертония келиб чиқиш сабабларининг барчаси аниқланган деб бўлмайди. Мутахассисларнинг кўпчилиги бу касаллик турли омиллар таъсирида ривожланишини таъкидлаганлар.

Бу омилларнинг асосийлари қуйидагилар:

•ирсий мойиллик;

•узоқ давом этган асаб-руҳий зўриқиш;

•меъёридан ортиқ ош тузи истеъмол қилиш;

•ортиқча вазндор бўлиш, яъни семириш.

Касаллик аломатлари қандай?

Касаллик аста-секинлик билан авж олади. Дастлаб вақти-вақти билан бош оғрийди, юрак тез-тез уриши, ҳолсизланиш, қулоқда шовқин ёки битиши, артериал босимнинг кўтарилиб-тушиши каби ҳолатлар кузатилади. Кейин баъзида қўл-оёқ бармоқлари увушади, уйқу бузилиши, кўзлар олдида учқунлар кўринади, тез чарчаш аломатлари вужудга келади. Артериал босим мунтазам равишда кўтарилса, қон-томирларда склеротик ўзгаришлар, яъни пилакчалар пайдо бўлади. Бу ҳолат бир неча йилларгача давом этиши мумкин.

Артериал гипертониянинг учта даражаси фарқланиб:

•Биринчи даражада қон босими: 140-159/90-90.

•Иккинчи даражада қон босими: 160-179/100-109.

•Учинчи даражада қон босими: 180/110 мм. симоб устунига тенг бўлади.

Иккиламчи артериал гипертония

Иккиламчи артериал гипертония бирон-бир касалликнинг асорати ҳисобланиб, биринчи навбатда асосий касалликни даволаш керак. Иккиламчи артериал гипертониянинг бир неча шакли бор:

•Буйракларга хос гипертония: буйракларга қон етарли миқдорда келмаса, буйрак артериясининг қисқариши натижасида вужудга келади. Бунда буйракларда артериал босимни кўтарадиган моддалар синтези кузатилади.

• эндокрин тизимга хос иккиламчи хафақон қатор ички секретор безлар касалликлари натижасида ривожланади.

•Гемодинамик, яъни механик гипертония шоҳ томир(аорта)нинг қисқариши натижасида вужудга келади.

•Нейроген: бош мия шишларида, инсулт, шикастланишларда ва калла суяги ичидаги босим кўтарилиши натижасида ривожланади.

•Доривор воситаларга боғлиқ гипертония: оғиз орқали ичиладиган контратсептивлар, яллиғланишга қарши нестероидли воситалар, эндокрин ва асаб тизимини стимулловчи баъзи моддаларни қабул қилиш натижасида юзага келади.

Қандай омиллар гипертония ривожланиш хавфини туғдиради?

Бу омиллар қуйидагилардан иборат:

•Ирсият. Агар онага артериал гипертония ташхиси қўйилган бўлса, унинг фарзандларида ҳам касалликнинг ривожланиш хавфи бор. Айниқса, оилада икки ёки ундан ортиқ қариндошларнинг бу хасталик билан оғриганлиги мойиллик хавфини янада орттиради.

•Ёши. Эркакларда артериал гипертония 35-50 ёшларда, аёлларда климаксдан кейин юзага келиши мумкин. Киши ёши улғайган сари артериал босим ҳам кўтарилади.

•Зиқлик (стресс) ва руҳий зўриқиш. Зиқлик гормони бўлмиш адреналин юракни тез уришга мажбурлаб, кўп қон ҳайдайди. Натижада артериал босим кўтарилади. Узоқ давом этадиган зиқлик ҳолатида артериал босимнинг кўтарилиши сурункали тусга айланади.

•Алкогол ичимликларни истеъмол қилиш артериал босимни кескин кўтаради .

•Атеросклероз. Ортиқча холестерин туфайли қон томирлар ичида пилакчалар пайдо бўлиб, босим кўтарилишига сабаб бўлади.

Диққат! Артериал гипертония ўз навбатида атеросклерознинг ривожланишига олиб келади, яъни бу икки касаллик бир-бирлари учун ўта хавфли омиллар сирасига кирадиган шерик дардлар ҳисобланади.

•Кашандалик. Тамаки тутуни қон таркибига кириб қон-томирлар торайишини келтириб чиқаради. Никотин оғуси артериялар деворларини шикастлаб, атеросклеротик пилакчаларни кўпайтиради.

•Ортиқча натрий. Замондошларимизнинг аксарияти ош тузини меъёридан ортиқ истеъмол қилишга одатланишганликлари ҳам хатарли омиллар сирасига киради.

•Гиподинамия. Кам ҳаракатланувчи одамлар гипертонияга чалиниш хавфи спорт ва жисмоний меҳнат билан фаол шуғулланувчи кишиларга қараганда 1,5 баробар ошиқ. Машқ қилмаган юрак зўриқишни кўтара олмайди, моддалар алмашинуви секинлашади. Бундан ташқари жисмоний фаоллик зиқлик билан курашишга ёрдам беради, гипертония эса организмнинг асаб тизимини бўшаштиради.

•Семириш. Ортиқча вазнли одамларда артериал босим юқори бўлади. Тадқиқотларга қараганда ортиқча вазннинг ҳар бир килограмми артериал босимни 2 бирлик даражасида кўтарилишига сабаб бўлади.

Гипертониянинг олдини олиш турли хавфли омилларини йўқотишга қаратилган.

Қуйидагилар қатъий ман этилади:

•Алкогол ичимликлар истеъмолига одатланиш (айниқса, дориларни бирга ичиш);

•кечаси билан ишлаш;

•бир кеча-кундуз давомида 7 соатдан кам ухлаш;

•ўзингизда «қўшнига ёрдам берган» дориларни синаб кўриш.

Қатъий зарур:

•чекишни ташлаш;

•тузни истеъмол қилишни чеклаш (овқатларга зиравор кўкатларни қўшиш);

•кўпроқ мевалар, кўкатлар, калийга бой маҳсулотлар (ўрик қоқи, пиёз) истеъмол қилиш, оқсилларга бой овқатларни чеклаш;

•овқатланиш тартибига риоя қилиш (айниқса шу пайтларда дори ичиш белгиланган бўлса)

•ортиқча вазндан халос бўлиш;

•турмуш икир-чикирлари, нохушликларига ортиқча асабийлик билан ёндошмаслик;

•кўп харакат қилиш, айниқса, пиёда юриш ва сузиш фойдали;

•мунтазам равишда артериал босимни ўлчатиб юришга одатланиш;

•шифокорнинг ҳамма тавсияларига риоя қилиш.

Гипертония касаллигида қандай овқатланиш зарур?

Овқатланиш тартиби: гўштнинг ёғсиз турлари, сувда пиширилган балиқ, селд балиғи (ҳафтада 1 – 2 марта) сут ва сутли маҳсулотлар, ёғсиз творог ва пишлоқлар, маржумак, буғдой, сули ёрмасига тўйинган бўтқа, сабзавотли, ловияли, ёрмали, сутли шўрвалар, ёғсиз сутли шўрва (ҳафтада 1 -2-марта), бир кунга 4 -5 бўлак оқ ва қора нон, сабзавотлар, ловияли винегрет ва салатлар, кўриниши яхлит ва тузланган карам, бодринг (ўсимлик ёғи қўшиб), помидорлар, ошқовоқ, картошка, нўхат, ловия, мош ҳамда калий ва магнийга бой маҳсулотлар (ўрик қоқи, пиёз, олхўри) таомнома таркибидан ўрин олган бўлиши лозим.

Гипотония Қон босими пасайиши (гипотония) марказий асаб тизими фаолиятида томир тонуси ва неврогормонал тартибнинг бузилиши оқибатида кузатиладиган касаллик бўлиб, қон босимининг кескин пасайиши билан кузатилади. Ҳозирда гипотония жуда оддий касаллик бўлиб, бир хил частота билан турли ёш тоифасида аниқланмоқда. Гипотония шартли равишда бир неча турга бўлинади: - сурункали (қон босимининг узоқ давр мобайнида пасайиши) - ўткир (бошқа бир касаллик белгиси сифатида қон босимининг пасайиши) - симптоматик (беморда босимнинг аста-секин пасайиши, касалликнинг очиқ белгилари бўлмайди) - бир марталик пасайиш.Қон босимининг пасайишини индивидуал (генетик) стандартлар сифатида кўриб чиқайлик: - Жисмоний ҳаракат қиладиган организмларда қон босими пасайиши (спортчиларда учрайдиган гипотония тури); - доимий паст босим (тоғли, субтропик ва тропик ўлкалар аҳолисида учрайдиган босим) - мослашувчан қон босими. Гипотония келиб чиқишининг асосий сабаблари қуйидагилар:- Қон томирлари торайиши - Организмдаги қон ҳажмининг камайиши, камқонлик; - Юрак етишмовчилиги; - Мия ва орқа мия жароҳатлари; - Сурункали уйқусизлик; - Стресслар, неврозлар, психологик жароҳатлар, руҳий тушкунлик, лоқайдлик; - Буйрак усти ва ости безлари фаолияти бузилиши; - Бош мия ички босимининг пасайиши; - Ҳомиладорлик; Қон босими пасайишининг асосий белгилари қуйидагилар: - қаттиқ асабийлашиш; - уйқучанлик ва умумий ҳолсизлик; - ҳиссий бетоқатлик; - об-ҳаво ва иқлим шароити ўзгаришига нисбатан юқори сезувчанлик; - эрталабки чарчоқ; - хотира бузилиши; - паст жисмоний фаолиятда ҳам нафас қисиши; - терморегулятсиянинг бузилиши (илиқ ҳавода ҳам оёқ-қўлларнинг совқотиши); - сиқувчи бош оғриғи; - нотабиий шишлар; - кўнгил айниши; - доимий бош айланиши ва беҳушлик ҳолати. Вақт ўтиб, тушган босим кечалари ошади, доимий чарчоқ, кундузи серуйқулик ва уйқу бузилишига олиб келади. Гипотония чалинган шахслар суткасига 8 соат эмас, 12 соатгача ухлашлари мумкин. Лекин узоқ муддатли ҳордиқдан сўнг ҳам ўзларини тетик ҳис этмайдилар.

Қон босими пасайишини даволаш усуллари. Одатда, гипотонияни даволаш стратегиясини кардиология ва неврология аниқлайди. Дорилар билан тўлиқ даволаш имкони йўқлиги учун, касалликдан қутулиш паст босимни енгиш имконини берувчи терапевтик муолажаларни ўз ичига олади: - қон босимини мўтадиллаштирувчи препаратлар (таркибида кофеин мавжуд бўлган дорилар); - мунтазам жисмоний машқлар, сузиш; - пиёда сайр қилиш; - уйқу муддатини тартибга солиш; - соғлом овқатланиш тарзи; - овқатланиш ратсионига Б витаминлари ва аскорбин кислотаси, магний, калий ва калсийли маҳсулотларни киритиш; - овқатланиш менюсига ўртача аччиқликдаги, шўр таомларни киритиш; - томирлар тонусига олиб келувчи зарарли одатлар (алкогол ичимликлар ичиш, гиёҳвандлик, чекиш) дан воз кечиш; - рефлексотерапия, массаж; - ароматерапия (шалфейли эфир мойидан фойдаланиш); - томирларни кенгайтирувчи совуқ сувли, контраст душ, сауна ёки ҳаммом, гидромассаж; - аероионотерапия муолажа усулларидан фойдаланиш; - беморнинг эмотсионал ҳолатини нормаллаштириш. Қон босими пасайишининг олдини олиш учун энг яхши йўл соғлом турмуш тарзи ҳисобланади. Бу касалликда хавф гуруҳида бўлган шахслар тўғри овқатланишлари, мунтазам жисмоний машқлар бажаришлари, яхши ҳордиқ чиқаришлари керак. Бундан ташқари, гипотоникларга қийин вазиятларнинг олдини олиш учун энг яхши тавсия: салбий ҳис-туйғулар босимнинг сезиларли пасайишига омил бўлгани учун салбий ҳиссиётлардан ўзингизни асранг.