• 30-04-2019

​Қуролли кучлари бўлмаган давлатлар

​Қуролли кучлари бўлмаган давлатлар

Отто фон Бисмаркнинг ўзи сингари шафқатсиз шундай сўзлари бор: “Тинч яшашни хоҳласанг, урушга тайёрлан”. Дунёнинг деярли барча давлатлари ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қуролли кучларга эга. Лекин ер шарида шундай давлатлар ҳам борки, улар мутлақо армияга эга эмаслар. Эътиборингизга қуролли кучлардан воз кечган 10 давлат ҳақида маълумотларни тақдим этамиз.

Ватикан

Италия пойтахти Рим ҳудудида жойлашган Ватикан энг кичик бўлиш билан биргаликда БМТ ва дунё ҳамжамияти томонидан тан олингани ҳолда БМТга аъзо бўлмаган ягона давлатдир. Рим католик черковининг маркази бўлган бу давлат Римнинг ичида жойлашганига қарамай, ҳуқуқий жиҳатдан мутлақо мустақилдир, ҳатто Италияга ҳам бўйсунмайди. Лекин шунга қарамай, Италиянинг 300 мингга яқин қўшини ва 50 минг нафар денгиз пиёда аскарларидан иборат армияси зиммасига Ватиканни ҳам ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган.

Науру Республикаси

Тинч океанининг ғарбий қисмидаги шу номли оролда жойлашган бу давлатнинг аҳолиси 14 000 кишидан иборат. Ўз мустақиллигига 1968-йилда эришган Науру давлатини Австралия ўз ҳимоясига олган ва бу шунчаки шартнома эмаслигини амалда ҳам исботлаган. Гарчи 1940-йилда Науру ҳали мустақил давлат мақомига эга бўлмаган бўлса-да, Германия ҳужум қилган пайтда Австралия кўмакка келган.

Лихтенштейн

Пойтахти Вадутс шаҳри бўлган Марказий Европадаги бу давлат Австрия ва Швейсария билан чегарадош. Князликда конститутсион монархия тизими ҳукм суради. Гарчи бирор-бир давлат расман Лихтенштейн мудофаасини ўз зиммасига олмаган бўлса-да, князлик ҳукумати Швейсарияда ўтказилган музокаралар чоғида бир қатор давлатлар билан бу борада битимлар имзоланганини таъкидлайди.

Маршалл ороллари республикаси

Тинч океанида жойлашган Микронезиядаги бу давлатнинг пойтахти Мажуро шаҳридир. Кўплаб майда ороллардан иборат бу мамлакатда 64 минг аҳоли истиқомат қилади. Бу давлат мудофааси бўйича жавобгарликни АҚШ ўз зиммасига олган.

Гренада

Кариб денгизининг жануби-шарқида жойлашган бу орол давлат ҳам ўз қуролли кучларига эга эмас. Лекин ҳужумга учраган чоғда Антигуа ва Барбуда, Барбадос, Доминика Республикаси каби давлатлар ҳимояга чиқишади. Аммо бу давлатларнинг ўзлари ҳам етарли даражада ҳарбий кучларга эга эмаслиги учун барибир АҚШдан мадад кутишга тўғри келади.

Андорра князлиги

Шарқий Пиренейда, Франсия ва Испания ўртасида жойлашган Европанинг бу митти давлатида денгизга чиқиш йўли сингари қуролли кучлари ҳам йўқ. Лекин тазйиққа учраганида Франсия ва Испаниядан ташқари НАТО кучларига ҳам ишонса бўлади.

Палау

Тинч океанининг Филиппин денгизидаги 328 оролдан иборат бу давлат Филиппиндан 800 км. узоқликда жойлашган. Аҳолиси бор йўғи 20 минг кишини ташкил қилгани ҳолда ўз пойтахтига ҳам эга — Мелекеок шаҳри. 1983-йилда имзоланган битимга кўра АҚШ ҳимоясига олинган.

Самоа

Тинч океанининг жанубий қисмида жойлашган бу давлат шу номдаги архипелагнинг ғарбий қисмларини банд этган. Пойтахти Апиа шаҳри Уполу оролида жойлашган. Янги Зеландия лозим бўлганда ҳарбий ёрдам кўрсатишни кафолатлаган.

Коста-Рика

Марказий Америкадаги энг кичик давлатлардан бири бўлган Коста-Рика икки қитъани боғловчи ерларда жойлашган. Пойтахти Сан-Хосе шаҳри бўлган бу давлат 1947-йилдаги келишувга кўра АҚШ, Чили, Куба каби давлатларга ишониб хотиржам кун кўради.

Соломон ороллари

Тинч океанининг жануби-ғарбий қисмидаги Меланезияда жойлашган, шу номли архипелагнинг 992 оролини банд этган бу давлат ҳам ўз қуролли кучларига эга эмас. Шунингдек, зарур бўлганда қайси давлат ҳимоясига таяниши ҳам расман эълон қилинмаган.