• 14-03-2019

Ню Ёрк

Ню Ёрк

Ню Ёрк — АҚШнинг энг катта саноат, молия, савдо-транспорт ҳамда сиёсий ва маданий маркази, дунёдаги энг йирик шаҳарлардан бири. Атлантика океани соҳилида, Гудзон дарёсининг қуйилиш жойида. Шаҳарнинг марказий қисми Манхаттан о.да жойлашган. Иқлими мўтадил, сернам иқлим; январнинг ўртача температураси Г, июлники 23°. Йиллик ёғин 1000 мм. Майдони (шаҳарнинг мунитсипал чегараси доирасида, сув ҳавзаларисиз) 953 км². Аҳолиси 8 млн. киши (2001). Ню Ёркнинг амалда қўшилиб кетган шаҳарлар ва шаҳар атрофи билан бирга майдони 27 минг км², аҳолиси 19 млн. киши. Шаҳар аҳолисининг кўпчилиги асли европалик, осиёлик ва африкаликлар, хусусан, 15 % қоратанлилар, 14 % келиб чиқишига кўра италянлар, 12 % пуерториканлар ва бошқалардан иборат. Ню Ёрк 5 та шаҳар р-нига бўлинган. Шаҳарни мер, мунитсипал кенгаш ва ҳисоблар бошқармаси идора қилади. Мер аҳоли томонидан 4 йил га сайланади. Илк бор Манхаттан о.га 1613 йилда голландлар келиб ўрнашган.Шаҳарга 1625 йилда асос солинган. 1626 йилдан Янги Амстердам деб аталган. 1664 йилда Янги Амстердамни инглизлар босиб олиб, герсог Ёркский шарафига Ню Ёрк деб атаганлар. 1785—90 йилларда Ню Ёрк АҚШнинг муваққат пойтахти. Шаҳарда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг штаб-квартираси жойлашган.

Ню Ёрк — АҚШда энг катта, дунёда энг йирик денгиз портларидан. Четдан келтириладиган юклар (нефт, тропик ўсимликлар маҳсулоти, хом ашё, саноат буюмлари) четга чиқариладиган юклар (саноат буюмлари, озиқ-овқат)дан 3 марта кўп. Мамлакат ташки савдо айланмасининг 1/4 қисми Ню Ёрк орқали ўтади. Шаҳарда фонд биржаси, банк, суғурта жамиятлари, саноат ва бошқа корпоратсияларининг бошқармалари жойлашган. 3 та катта халқаро аеропорт мавжуд. Тикувчилик ва полиграфия саноатлари салмоқли ўрин тутади. Машинасозлик ва металлсозлик (жумладан, электротехника, тайёр қисмлардан автомобил йиғиш, авиаракетасозлик, оптика-механика), кимё ҳамда галантерея ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ривожланган. Нефтни қайта ишлаш, рангли металлургия, озиқ-овқат саноати корхоналари бор.Шаҳарнинг айрим қисмларини 60 дан ортиқ кўприк, бир нечта автомобил туннели (умумий уз.

370 км) ва йўловчилар ташиш паромлари бирлаштириб туради. 1868 йилдан метрополитен ишлаб турибди.

Ню Ёркда 6 университет, 40 дан ортиқ коллеж, ФА ва бошқа академиялар, институтлар, йирик кутубхоналар, музейлар, 70 дан ортиқ театр бинолари, Филармония зали, консерватория, консерт заллари ва бошқа бор.

Ню Ёркда италянлар, яҳудий, хитой ва бошқа миллатга мансуб аҳолининг кўча ва кварталлари мавжуд. Шаҳар 19-аср бошидан тўғри бурчакли режа асосида шакллана бошлади. 19-аср ўрталарига келиб, улкан шаҳарга айланди. Энг катта кўчалардан бири — Бродвей (уз. 29 км). 19—20-асрларда кўп қаватли баланд бинолар қурила бошланди. 20-аср ўрталарига келиб Ню Ёрк уз. 200 км келадиган ва бирбири билан туташиб кетган улкан шаҳарлар тўдасига айланди. 17—18-асрларда қурилган бинолардан ратуша (1803—12), Тринити-Чёрч черкови (1839—46), катта муҳандислик иншо-отларидан Бруклин кўприги (1869—83) ва бошқа сақланган. Кўп қаватли бинолардан эмпайр стейт билдинг (102 қават, 1930—31), БМТ штабквартираси биноси (1947—52), Халқаро савдо маркази (2 та 110 қаватли минора, баландлиги 412 м; 1971—73; 2001 йил 11 сентабр да террорчилар томонидан портлатилган) ва бошқа Йирик кўприклари: Жорж Вашингтон ва Верратсано-Норроус. Муҳим ёдгорликлари: Озодлик ҳайкали, Вашингтон арки.