• 15-03-2019

Рустам Қосимжонов

Рустам Қосимжонов

Рустам Қосимжонов 1979 йилнинг 5 декабрида Тошкент шаҳрида туғилган. Жажжи Рустамнинг шахматга кўнгил қўйишида оиласининг ҳиссаси катта бўлди. Рустамнинг онаси Меҳрихон опа ўғлининг болалигини шундай эслайди. Рустам гўдаклигида серхархаша бола бўлган. Лекин 2-3 ёшга кирганида мозаики, конструктор каби қунт ва сабр талаб қиладиган ўйинларни ўйнаб ўтирарди. Бу пайтга келиб анча эси кирган, инжиқликлари камайиб, мўминқобил болага айланди ва у ёғига мени қийнамади. Рустам ҳам ҳамма каби оддий бола бўлган. У маҳалладаги ўртоқлари билан кўчада тўп тепарди, велосипед минарди, беркинмачоқ ўйнарди. Унинг энг яхши кўрган машғулоти дарахтга чиқиш эди. Ҳисоб-китобга қизиқиши ҳам эсимда қолган. У ҳаммамизни ёшимизни сўраб ким-кимдан неча ёш катталигини, маълум миқдордаги пул ой охиригача етиши учун ҳар куни қанчадан сарф қилиниши каби масалаларни ўзича ҳал қилиб юрарди. Шахматга бўлган қизиқиш Рустамнинг қонида бор. Унинг раҳматли отаси оилавий йиғинларда амаки ва тоғалари билан шахмат ўйнашни хуш кўришарди. Рустам биринчи синфда ўқиб юрган кезлари шахмат мураббийи Александр Грушевский 76-мактабга келиб, шахматга қизиққан иқтидорли болаларни танлаб олди. Шу-шу Рустам шахмат билан жиддий шуғуллана бошлади. Оилада шахмат билан шуғуланиши учун шарт шароит яратилган эди. Буни қарангки, болалигида ўрганган билимлари унга умр бўйи асқотмоқда. Шахматнинг орқасидан дунё кезяпти, ўқувчилигида харитада кўрган мамлакатларига сафар қиляпти, қунт билан ўрганган хорижий тилларда равон суҳбатлашяпти. Халқимиз билиб айтган экан “бола бошидан маълум”, деб. Машхур шахматчи 2001 йил турмуш қурган, ширин-шакар фарзандларни отаси. Албатта, ҳар доим машҳур кишилар ҳаёти, уларнинг болалиги, оиласи, қизиқиш ва интилишлари, орзу ва мақсадлари кенг жамоатчиликни қизиқтириб келган. Рустам Қосимжонов ҳам бирданига кучли шахматчи ва чемпион бўлиб қолгани йўқ. Унинг ҳам беғубор болалиги, ўша дамларда қалбига туккан ниятлари ва келажак учун орзу-умидлари мўл бўлган. Рустам Қосимжонов ноёб истеъдод соҳиби сифатида миллатдошларимиз орасида ҳали ҳеч ким эришмаган юксак шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-еътибори ва нуфузини ошириш, шуҳратини бутун дунёга тараннум этишга қўшган улкан ҳиссаси учун Амир Темур ордени билан мукофотланди. Рустам Қосимжонов ушбу ғалабаси билан ўзининг Абу Райҳон Беруний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний каби неча-неча буюк сиймоларимизга муносиб ворис эканини кўрсатди.