• 12-03-2019

Тез тиббий ёрдамни ривожлантиш

Тез тиббий ёрдамни ривожлантиш

2019 йил 1 январдан бошлаб Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушадиган маблағларни 29 фоиздан 10 фоизга камайтирган ҳолда, мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўлов суммасининг 19 фоизи;

халқаро ва хорижий молия институтларининг, ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларнинг грантлари ва техник кўмак маблағлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан тушган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.

Жамғарманинг маблағлари қуйидагиларга сарфланиши белгилаб қўйилди:

тез тиббий ёрдам хизматининг махсус автотранспортини харид қилиш ва транспорт паркини ўз вақтида янгилаш, шунингдек, уларни замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш, эҳтиёт қисмлар ва сарфланадиган материалларни харид қилиш;

тез тиббий ёрдам хизматининг ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш ва амалиёт ўташини, шу жумладан, хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида амалиёт ўташини ташкил этиш;

тез тиббий ёрдам хизмати ходимларига устамалар, мукофот пуллари ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни тўлаш;

тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятига замонавий ахборот-коммуникатсия технологияларини жорий этиш.

Тез тиббий ёрдам хизматини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан молиялаштиришнинг амалдаги тартиби ва ҳажмлари сақлаб қолинади.

Вазирлик белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича махсус автотранспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, тиббиёт ускуналари ва сарфланадиган материаллар, компютер техникаси, алоқа воситалари, техник ўқитиш воситалари, адабиётлар ва тез тиббий ёрдам хизматига зарур бошқа моддий-техника ресурслар учун 2022 йил 1 январгача бўлган муддатда божхона тўловларидан озод этилади (божхона йиғимлари бундан мустасно).